Евроуикенд натижалари кишини ўйлашга мажбур қилади
Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Евроуикенд натижалари кишини ўйлашга мажбур қилади. Аммо бу ўйларнинг кўпчилигини салбийдан кўра ижобий дейиш мумкин.
Чемпионат мезбони Франция термасидан бошлай қолайлик. Унинг Руминия термасига қарши ўйнига турлича баҳолаш мумкин, бироқ уч байроқлиларнинг таркиби фантастик эканлигини тан олмасдан илож йўқ. Ҳатто Бен Арфа, Бензема ва Вальбуенсиз ҳам жамоани суперюлдузли дейиш мумкин.
Аслида, Димитри Пайетнинг ўйин охиридаги голи бизнинг превьюга ёзган прогнозимизни – яъни бир ўйинчи ҳам майдонда кўп нарсани ҳал қилиши мумкин, деган ҳақиқатни тасдиқлади. Мардона ўйин кўрсатган Руминия термаси мағлубиятга лойиқ эмас эди. Бироқ бундай ўйин билан руминлар плей-оффга чиқиши мумкинлиги кишига бир оз таскин беради.
Тўғрисини айтганда, Швейцария-Албания ўйини бошида кишида қизиқиш уйғотмади. Чунки биринчи қайд этилган терма рақибини йирик ҳисобга янчиб ташлаши кутилган эди. Лекин… Албанлар жон-жаҳд билан ҳаракат қилинса кўп нарсага эришиш мумкинлигини исботлай олдилар.
Тўғри, Шачири ва шериклари 1:0 ҳисобида ғалаба қилишди, аммо албанлар дуранг натижага эришишлари мумкин эди. Бунинг учун уларга фақат омад етишмади.
Уэльснинг Словакия билан кечган ўйинини жаҳон футболининг энг кучли ўйинчиларидан бири Гарет Бейл сабабли ҳам кўриш зарур эди. Айнан у Уэльснинг Европа чемпионатларидаги биринчи голини киритиб, ўзининг юқори тоифадаги ўйинчи эканлигини яна бир бор исботлади. Унинг жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қилди, лекин словаклар ҳақида фақат ижобий ҳолда гапириш мумкин. Жамоани барқарор, креатив, қизиқарли дейиш мумкин, уларга ҳам бир оз омад етишмади холос.
Англия-Россия ўйини ҳам қизиқарли кечди. Инглизлар бутун ўйин давомида хужумдан тўхтамадилар. Уэйн Руни тўғридан-тўғри зарбалар берди, россияликлар эса бутун ўйин давомида комбинацион ўйин қуришга ҳаракат қилишди. Аммо ҳеч нимага эриша олмадилар. Эрик Дайер 75-дақиқада кучли зарб билан дарвозани нишонга олди, Россия термаси дарвозабони Игорь Акинфеев эса тўпга ета олмади: 1:0.
92-дақиқада эса рус жамоасига омад келди деса бўлади. Щенников олисдан етказиб берган тўпни Василий Березуцкий боши билан британияликлар дарвозабони Хартнинг устидан ошириб ташлади. 1:1.
Польша Шимолий Ирландияни минимал 1:0 ҳисобида, Германия эса 2:0 ҳисобида Украина термасини енгди.
D гуруҳидаги ягона ўйинда хорватлар минимал 1:0 ҳисобида туркларни енгишди.
Ўтган ўйинлар натижалари ҳақида нима дейиш мумкин?
Агар французлар бундан кейин ҳам ўзларининг суперюлдуз ўйинчиларига ишонадиган бўлишса, плей-оффнинг биринчи ёки иккинчи ўйинида бирон бир тартибли жамоага енгилади. Немислар эса, ҳар доимгидай, кучли ва ўз кучига ишонади. Руминлар, словаклар, швейцарлар, инглизлар, поляк ва хорватлар ажойиб футбол билан мухлисларни хурсанд қилишди.
Аммо улар орасида ҳам хорватларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Жамоада Модрич (“Реал”) ва Ракитич (“Барселона”) каби олий тоифадаги ўйинчилар бор. Жамоа техник жиҳатдан ҳам кучли. Бунинг учун Туркия термаси дарвозасига урилган голни эслаш кифоя. Украина термаси ҳам яхши даражада, фақат илк турда уларга “немис машина”си тўғри келди...
Шу билан бирга, россияликлар, шимолий ирландлар ва турклар кишини хафа қилди. Ҳатто уларнинг ўйинини томоша қилиш учун бирон арзирли сабаб топиш қийин бўлди.
Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашади. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марселда бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин ўтказилмайди.
Финал эса 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.