Exxon Mobil Фарғона НҚИЗда базавий мойларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

Дата: 16:05, 03-10-2018.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Американинг Exxon Mobil компанияси Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводида базавий мойларни ишлиб чиқаришни йўлга қўяди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбек компаниясининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, бу ҳақида “Ўзбекнефтегаз” АЖда Exxon Mobil ширкати вакиллари билан бўлган учрашувда сўз борди.

Қайд этилишича, биргаликдаги фаолият мобайнида америка компанияси ўзини “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишончли ҳамкори сифатида намоён этди. Шу муносабат билан учрашувда Exxon Mobil компанияси вакилларига “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ базасида II ва III гуруҳ базавий мойларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасида технологик асбоб-ускуналар лицензиари сифатида иштирок этаётгани учун миннатдорчилик билдирилди.

Базавий мойларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”га мувофиқ амалга оширилади.

“Мазкур лойиҳанинг тахминий қиймати $150 млнни ташкил этади ва уни амалга ошириш муддати – 2018-2021 йиллар”, - дейилади хабарда.

Exxon Mobil экспертларининг таъкидлашларича, бу каби лойиҳа минтақада ягонадир. “Ўзбекистон нефть-газ соҳаси Exxon Mobil компанияси ушбу истиқболли лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун тажриба ва технологияларни бўлишишга тайёр эканлигига ишонч ҳосил қилиши мумкин”, - деди Нефтни қайта ишлаш ва газни тозалаш технологиялари, катализаторлар ва лицензиялаш бўйича бош менежер, компания вице-президенти Шон Смит.

Музокаралар давомида томонлар лойиҳани жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар, хусусан, лицензия ва муҳандислик шартномаларини имзолаш, ишлаб чиқариш жараёнининг янгиланган конфигурациясини ҳисобга олган ҳолда нархларни оптималлаштириш имкониятлари ҳамда қолдик фракциялардан қўшимча базавий мойларни олиш имкониятини муҳокама этдилар.

Эслатиб ўтамиз, Exxon Mobil – жаҳонга машҳур кўп функцияли компания бўлиб, у нефтни қайта ишлаш, газни қайта ишлаш, нефть-кимё маҳсулотлари ва йирик ишлаб чиқариш саноати учун технологияларни ишлаб чиқиш ва етказиб беришга ихтисослашган.

Сурат манбаи: https://kun.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: