ФАО ўзбек буғдойига бағишланган янги тадқиқотни чоп қилди
Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – БМТ Озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) “Ўзбекистон фермер майдонларида буғдойнинг маҳаллий эски навлари: миллий даражада таҳлил, йиғим ва сақлаш, 2010-2015” янги тадқиқотини нашр қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ФАО тадқиқоти Ўзбекистонда буғдой навлари ранг-баранглигини сақлаб қолиш мақсадларида ўтказилган. Кейинги йилларда фермерлар кўпинча Марказий Осиёда буғдой ишлаб чиқариш учун қимматли генетик ресурсларга эга маҳаллий эски навлардан эмас, замонавий буғдой нафларидан фойдаланмоқдалар.
“Маҳаллий эски навлар ўстириладиган жойларни аниқлаш мақсадида ФАО кенг тадқиқот ва намуналар йиғишни молиялаштирди. 2013-2014 йилларда тадқиқотчилар мамлакат тоғ ҳудудларидаги фермерлар орасида сўров ўтказдилар. Сўров ушбу буғдой навларидан фойдаланишнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатларига бағишланди”, - деб таъкидлашди ФАОда.
Ушбу тадқиқот Марказий Осиёда маҳаллий эски навларга бағишланган қатор мақолалар сериясининг бир қисмидир. Унда маҳаллий эски навлар рўйхати, улар ўстириладиган жойлар, бунинг сабаблари ва фермерлар уни етиштирадиган шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд.