Фарғона ва Наманган АҚШнинг ядро бомбалаши объектлари сифатида танлангани маълум бўлди

Дата: 13:24, 25-12-2015.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Фарғона ва Наманган АҚШнинг ядро бомбалаши объектлари сифатида танлангани маълум бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида яқинда АҚШ Миллий архивлар бошқармаси 50 йилдан кейин махфийликдан чиқарилган ҳарбий хужжатларни эълон қилинганидан сўнг маълум бўлди.

New YorkTimesнинг хабар қилишича, Пентагонда ракета-бомбалаш режаси ўтган асрнинг эллигинчи йилари ўрталаридаёқ, Америка ва собиқ Совет Иттифоқи ўртасидаги “совуқ уруш”нинг бошларида ишлаб чиқилган бўлган.

Бундан ташқари, ядро бомбалаши нишонлари сифатида Қирғизистон пойтахти Фрунзе (ҳозирги Бишкек), шунингдек, Қозоғистоннинг Алма-Ата (Алмати), Балхаш, Қарағанда, Кустанай (Костанай), Павлодар, Уральск, Семипалатинск (Семей) ва Усть-Каменогорск шаҳарлари ҳам танлаб олинган бўлган.

Атом зарбалари нишонлари орасида Москвада 179 объект, Ленинградда (Санкт-Петербург) 145 объект ва Шарқий Берлинда 91 объект, шу жумладан, ҳукумат бинолари бўлган. Ҳар бир шаҳар учун “аҳоли” алоҳида нишон сифатида кўрсатилган.

“Албатта, аҳоли яшайдиган жойлар нишонлар сифатида белгилангани кишини ҳайратга солади”, - деди АҚШ Ж.Вашингтон университетидаги Миллий хавфсизлик архивининг катта таҳлилчиси Уильям Берр.

Эслатиб ўтамизки, Миллий архивлар ва хужжатлар бошқармаси – Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ҳузуридаги мустақил агентлик. У 1984 ишлда ташкил этилган. Миллий архивлар бошқармасида АҚШ Мустақиллик Декларацияси, АҚШ Конституцияси, Ҳуқуқлар ҳақидаги билль каби тарихий хужжатларнинг асл нусхаси сақланади. Шунингдек, бошқарма Миллий архивда сақланаётган хужжатлардан жамоатчиликнинг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун ҳам масъул.

Янгилик билан ўртоқлашиш: