Фарғона ва Навоийда Исроил киноси кунлари ўтказилади

Дата: 16:52, 30-10-2015.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 13-21 ноябрда Фарғона ва Навоийда Исроил киноси кунлари ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан хабар қилишларича, Фарғонада фильмлар 13-15 ноябр кунлари Алишер Навоий номидаги кинотеатрда кўрсатилади. Тантанали очилиш маросими эса Фарғонадаги Театр-концерт саройида 12 ноябрда ўтказилади.

Навоийда “Исроил киноси кунлари” “Ўзбекистон” кинотеатрида 19-21 ноябрда бўлиб ўтади.

Тадбир доирасида томошабинлар “Сев ва рақсга туш”, “Шломининг юлдузи”, “Катталигининг аҳамияти бор”, “Қабристон клуби” номли бадиий фильмларни кўришлари мумкин бўлади. Шунингдек, “Ўқитувчи Ирена” хужжатли фильми ҳам кўрсатилади.

Исроил киноси кунлари анъанавий равишда ўтказилмоқда. 2013 ва 2014 йилларда кинотақдимлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ташкил этилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: