Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи 6 йилга қамалди
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Марғилон шаҳар суди Фарғона вилояти ИИБ чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғи 38 ёшли Одилжон Солиевни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Подполковник Солиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167 (“Ўзлаштириш ёки камомад йўли билан ўғирлик”), 209 (“Лавозимини суистеъмол қилиш”) ва 210 (“Пора олиш”) моддалари билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 35 млн сўмлик жаримага тортилди”, - деб таъкидлади суд вакили.
Судланган шахс узоқ вақт хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда қўл остидагилардан пул маблағлари ундириш ва тўланаётган маъмурий жарималарни ўзлаштириш билан шуғулланиб келган. Хусусан, у туман паспорт столларининг коррупцион ҳаракатларига йўл қўйиб берган ҳамда улардан ойига $200дан $2000гача пора олиб келган.
Жиноят ишини олиб бориш доирасида Фарғона вилоят прокуратураси томонидан вилоят паспорт столларида тафтиш ўтказилди ва уларда йирик миқдордаги ўғирликларни аниқлади. Бундан ташқари, тергов Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Риштон, Бешқриқ, Тошлоқ, Ёзёвон, Қува, Учкўприк туманларининг паспорт столлари бошлиқлари ҳар ойда Одилжон Солиевга $200дан $2000гача пора бериб келганликларини аниқлади.
“Олдин Фарғона шаҳар суди бу жиноят ишининг алоҳида қисмини кўриб чиқиб, Солиевни 6 ойга озодликдан маҳрум қилган ва уч йил давомида ички ишлар органларида лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган эди”, - деди суд вакили.
Тергов жиноят ишлари доирасида давлатга 621 млн сўм зарар етказилганини аниклади. Бу маблағларнинг бари терговдагилар томонидан тўлиқ қоплаб берилди.


