Фарғона вилоятида 38 та замонавий мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда

Дата: 14:42, 13-06-2018.

Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Фарғона вилоятида 38 та замонавий мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу статистика Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олтиариқ тумани Қапчиғой маҳалласидаги “Smart kids” мактабгача таълим муассасасига ташрифи доирасида келтириб ўтилди.

“Давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга туширилган ушбу боғча 210 болага мўлжалланган. Кичкинтойларни ҳар томонлама ривожлантирадиган ўйинчоқ ва инвентарлар билан жиҳозланган. Бугунги кунда Фарғона вилоятида 38 та шундай замонавий мактабгача таълим муассасаси ишга тушган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шу ерда мактабгача таълим тизимида татбиқ этилаётган Интеграциялашган мониторинг электрон тизими тақдимоти ўтказилди. Бу тизимда мамлакатдаги ҳар бир боланинг туғилишидан то вояга етгунча бўлган ҳолати, соғлиги, ривожланиши, ўзлаштириши ҳақида маълумотлар жамланади. Шунингдек, унда тарбиячилар, боғчалар, уларга эҳтиёж тўғрисида ҳам барча ахборотлар бўлади.

“Бу таълим-тарбия тизимининг асоси, ўзига хос ойнаси. Ундаги маълумотларни кузатиш, таҳлил қилиш орқали таълим-тарбияда нималарга эътибор беришимиз кераклигини аниқлаймиз. Бизнинг фарзандларимиз энг яхши, замонавий шароитларга муносиб”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ушбу электрон тизимни маълумотлар билан тўлдириш, уни таълимнинг кейинги босқичларида ҳам қўллаш бўйича топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига 12 июнда келган эди.

Сурат манбаи: https://kun.uz/ru/news/2018/06/12/prezident-uzbekistana-nasi-deti-dostojny-samyh-lucsih-sovremennyh-uslovij

Янгилик билан ўртоқлашиш: