Фарғона вилоятида янги цемент заводи ишга туширилди
Фарғона. 25 март. ЎзТАГ – Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида Turon eco cement янги цемент заводи ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Умумий қиймати $1,9 млн бўлган ушбу корхона хитойлик мутахассислар ёрдамида қуриб битказилди. Корхона иш бошлаши билан 100 дан ортиқ ёшлар доимий иш билан таъминланди. Завод йилига 200 минг тонна атрофида цемент ишлаб чиқариш қувватига эга”, - деб таъкидлашди “Ўзқурилишматериаллари” АК.
Цемент саноатини ривожлантириш бўйича мақсадли дастурга мувофиқ, Ўзбекистон 2020 йилга бориб мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини деярли икки бараварга кўпайтириб, 16,7 млн тонна цемент ишлаб чиқаришни режалаштирган. Бундан 12,2 млн тонна атрофидаси қуруқ услубда ишлаб чиқарилади.
Ҳозирда мамлакатда саккиз цемент заводи мавжуд бўлиб, уларнинг ялпи қуввати 8,64 млн тонна. Яқин орада Қорақалпоғистондаги заводдан ташқари, Жиззах, Қашқадарё, Сурхандарё ва Тошкент вилоятларида ҳам янги заводлар ишга тушади.