Фарғонада “Агробанк”нинг бир гуруҳ ходимларига ҳукм ўқилди

Дата: 18:10, 30-12-2016.

Тошкент. 30 декабр. ЎзТАГ – Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди “Агробанк”нинг Фурқат филиали бир гуруҳ ходимларини узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тергов жараёнида Фурқат филиалининг 8 ходими, жумладан, бошқарувчи Дилшод Қодиров, унинг ўринбосари Умиджон Йўлдошев ва бош бухгалтер Гулчеҳра Йўлдошевалар хизмат лавозимларини суиистеъмол қилган ҳолда фуқароларнинг банк омонатларини ўмариш билан шуғуланганлари аниқланди.

“Банк мижозлари М.Абдуҳамидов ва З.Бектошевларга тегишли омонат ҳисобларида бўлган пулардан 185 млн сўм ўзлаштириб юборилган. Шунингдек, фирибгарлик йўли билан 100 млн сўм нақд пул чиқариб олинган”, - деб таъкидлади суд вакили.

Шунингдек, юқорида номлари келтирилган ходимлар қалбаки кредитларни расмийлаштириш билан шуғулланишган.

Масалан, “Зиёда Шахризода Гулизода” корхонаси номига ускуналар сотиб олиш учун 110 млн сўм кредит очилиб, маблағлар ноқонуний равишда “Шамс Зафар” фермер хўжалиги ҳисобига ўтказиб юборилган.

Ўз навбатида, юқоридаги фермер хўжалиги ҳисобидаги маблағлар яна беш фермер хўжалиги ҳисобига ўтказилган. Натижада пуллар “Агробанк”нинг Фурқат филиали бош мутахассиси Дониер Ҳайитовнинг қўлига келиб тушган.

Бундан ташқари, жиноятчилар калбаки хужжатлар асосида “Саодат” фермер хўжалиги номига 243,4 млн сўм кредит очиб, буни яшириш учун барча хужжатларни йўқ қилишган.

Суд қарорига мувофиқ, Дилшод Қодиров Ўзбекистон Жиноя кодексининг 144, 167, 209 ва 227 моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди ҳамда 36,7 млн сўм жаримага тортилди.

Гуруҳнинг қолган аъзолари 2 йилдан 7 йилгача жазога тортилди. Шунингдек, суд омонатчиларга келтирилган 200 млн сўм зарарни қоплаб бериш ҳақида қарор чиқарди.

Айбдорлар келтирилган зарарни қоплаб бердилар. Шу сабабли суд ҳукмни юмшатиб, судланганларни 3 йилгача ахлоқни тузатиш ишларига ҳукм қилди.
Д.Қодировга яна 36,7 млн сўм жарима солинди ва раҳбарлик лавозимларида ишлаш таъқиқланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: