Фарғонада янги от мажмуи очилди
Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Фарғона вилоятининг Қувасой туманида ҳар томонлама муҳташам, миллий қорабайир наслли отларни кўпайтириш ва боқиш учун мўлжалланган Vodiy Tulporlari замонавий мажмуаси очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Миллий Олимпиа қўмитасидан хабар беришларича, бу ерда асосан ҳарбийлар ва “Ватанпарвар” тизими ходимлари учун отлар тайёрланади.
Мажмуа 2,5 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда замонавий дренаж тизимига эга очиқ ва ёпиқ манежлар, солярий мавжуд. Таъкидланишича, бундай иншоотлар учун сифатли “қум” жуда муҳим. Майдон Навоий вилояти “Жерой”дан келтирилган кварц қуми билан қопланган.
Мажмуа нафақат миллий, балки ҳалқаро даражадаги мусобақаларни ҳам қабул қила олади.
Учта отхонанинг бири ёш йилқилар учун мўлжалланган, бу ерда отларни сифатли парвариш қилиш учун барча қулайликлар мавжуд. Оғилхонадаги суғоргич, охур ва бошқа барча жиҳозлар чет элдан келтирилган. Спорт ўйинлари учун тўсиқлар мамлакат корхоналари томонидан ҳалқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқарилган.
Жониворларнинг мажмуа ҳудудида қулай шароитда бўлиши учун бу ерда махсус бассейн ва қумли от йўрттиргич бор. Бу эса бўлажак “ҳарбий отлар”га доимо яхши кўринишда қолишларига кўмаклашади.
Жониворларнинг саломатлигини кузатиш ҳам қийинчилик туғдирмайди, чунки барча керакли жиҳозлар, УЗИ аппарати ва қон таҳлили билан таъминланган лаборатория мавжуд.
Очиқ манеж атрофида 180 ўринли трибуна ва олтита шийпонча жойлашган, у ердан майдоннинг ажойиб кўриниши очилади.
Vodiy Tulporlari мажмуаси қурилиши “Кварц” АЖ маблағлари эвазига амалга оширилди. Унинг мутахассислари от мажмуаси имкониятларини кенгайтиришни, фаолият жараёнига етакчи иш усулларини тадбиқ қилиш ниятида. Масалан, тез орада мажмуадаги отлар Ўзбекистоннинг ажойиб гўшаларида сайёҳларга хизмат кўрсатишга тайёр бўлишади.
Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/06/04/horses/