Фарғонада янги текстиль қўшма корхонаси ишга туширилди

Дата: 18:43, 23-03-2016.

Фарғона. 23 март. ЎзТАГ – Фарғонада “Fergana oseana textile” Ўзбекистон – Таиланд қўшма корхонаси иш бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтган йилда ҚК таъсисчилари ишламаётган ва бўш турган давлат мулки объектларини инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” қийматда бериш бўйича эълон қилган танлов натижаларига кўра, “Фарғонадавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонасига қарашли бўш турган бинони инвестиция киритиш шарти билан олган эди”, - деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлигида.

Авария ҳолатида бўлган бинода 15 млрд сўмликдан зиёд қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. Таиланд компанияси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан хориждан 6 млн евролик пахтани қайта ишловчи ва ип-калава ишлаб чиқарувчи замонавий жиҳозлар келтирилиб, ўрнатилди.

“Корхона йилига 3,6 тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш ва сифатли, рақобатбардош ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларимизни Европа давлатлари, шунингдек, Россия ва Хитойга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Қўшма корхона иш бошлаши билан 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Доимий иш ўрнига эга бўлганларнинг 110 дан ортиғи касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир”, - деб ҳикоя қилади ҚК раҳбари Алишер Ортиқов.

Янгилик билан ўртоқлашиш: