Фарғонада ўзбек-тожик чегараси бўйича навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди

Дата: 16:13, 26-02-2018.

Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – Фарғонада ўзбек-тожик чегараси бўйича навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожТАГ).

“Ўтган шанба куни Фарғона шаҳридада тожик-ўзбек давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди”, - деб хабар беради Тожикистон ТИВ ахборот бўлими.

Мажлис Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси бош вазири Қоҳир Расулзодалар раислигида ўтди.

Тожик ТИВ маълумотига кўра, тадбирда икки мамлакат ҳукумати аъзолари, вазирлик ва муасаса раҳбарлари қатнашдилар.

Очиқ ва ишонч руҳида ўтган музокараларда томонлар делегациялари раҳбарлари замонавий тожик-ўзбек муносабатларига юқори баҳо бердилар.

Бўлиб ўтган учрашув доирасида тожик-ўзбек давлат чегарасининг алоҳида участкалари бўйича лойиҳа ҳужжатларининг ўтиши масалалари кўриб чиқилди. Томонлар қисқа муддатда тожик-ўзбек давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этдилар.

Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга 2018 йил мартига мўлжалланган ташрифи доирасида имзоланиши керак бўлган икки тарафлама ҳужжатлар, келишув ва шартномалар пакетининг ташкилий-мавзу жиҳатларига ҳам эътибор қаратдилар.

Томонлар ҳукуматлараро комиссияси кун тарбибида турган барча масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишга конструктив ёндашув мавжудлигини ҳам қайд этдилар.

Сурат манбаи: https://wiki-turizm.ru/uzbekistan/265-ferghana

Янгилик билан ўртоқлашиш: