Фарғонага Корея Республикасидан биринчи ишбилармонлик чартери учиб келди
Тошкент. 7 март. ЎзТАГ – Фарғонага Сеулдан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан амалга оширилиб, бортида кореялик тадбиркорлар бўлган биринчи ишбилармонлик чартери учиб келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ишбилармон сайёҳлар мамлакатга виза расмийлаштирмасдан 4 кунга келишган.
Меҳмонларни “Фарғона” аэропортда Фарғона вилояти ҳокимияти, авиакомпания ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари ОАВ вакиллари билан биргаликда карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, Корея Республикаси делегацияси раҳбари, Evergreen Motors Group компанияси бошлиғи Чанг Кеон Ким ўзбек учувчиларининг юксак маҳоратини алоҳида қайд этиб, парвознинг муваффақиятли кечганини таъкидлади, шунингдек, Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлигидан ҳайратга тушганлигини билдирди.
Ўзбекистонга визасиз келган сайёҳлар аввалига Фарғонада жойлашган Қўқон очиқ иқтисодий зонасига, “Indorama Kokand Textile” МЧЖга, “UzSungwoo” компанияси ҳамда Қўқондаги меъморий ёдгорликларга ташриф буюришни режалаштиришган. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон – Корея бизнес-форумида иштирок этиб, икки давлат ўртасида B2B шаклидаги учрашувларни ўтказишни ҳам назарда тутган.
Эслатиб ўтамизки, Корея, Сингапур, Туркия, Исроил, Малайзия, Индонезия ва Япония фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим 10 февралидан бошлаб амал қилмоқда.
Сурат манбаи: https://fr.wikipedia.org/wiki/A%C3%A9roport_de_Ferghana