Фазлиддин Миржалилов спорт боулинги бўйича Тошкент чемпиони бўлди
Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Тошкентда спорт боулинги бўйича яккаликда шаҳар биринчилигининг якуний тўққизинчи босқичи бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Фазлиддин Миржалилов илк маротаба 2015-2016 йилги мавсум чемпиони бўлди. У “кумуш” совринни қўлга киритган Мирвохид Соатовдан олдинга ўтиб кетди. “Бронза” медални Равшан Абдусамадов олди. Бунга қадар бешинчи бўлган ушбу спортчи 9-босқичнинг малака раундларидаги юқори натижалар сабаб Бахтиёр Далабоев ва Бекзод Тўхтаниёзовдан олдинга ўтиб кетди”, - деб таъкидлашди Кегель спорти федерациясида.
Аёллар орасида Татьяна Лефтер расмий биринчиликларда илк маротаба ғолибликни қўлга киритди. Рейтингни бутун мусобақа бўйлаб бошқарган Сайёра Маҳмудова охирги бир неча турни яхши ўтказа олмади. Натижада, Лефтер орадаги фарқни қисқартирган ҳолда рақибасидан бир неча баллга ўзиб кетди. “Бронза” соврин эса Елена Қосимовага насиб қилди.
Чемпионларни қутлаш маросими 16-18 июн кунлари ўтказиладиган Ўзбекистон кубоги ғолибларини тақдирлаш маросимида бўлиб ўтади.