Федерика Могерини Самарқандда “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” вазирлар йиғилишида иштирок этади

Дата: 10:34, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – 10 ноябрда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Фредерика Могерини ва Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица Самарқандда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” 13-минтақалараро вазирлар учрашувида иштирок этишади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида ЕИ Тошкентдаги Делегацияси маълум қилди.

Федерика Могерини ташрифидан олдин “Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим минтақа. ЕИ ва минтақа мамлакатлари ҳам хавфсизлик, ҳам радикаллашув ва экстремизмга қарши кураш соҳалари, шунингдек, савдо соҳаларида ҳам қалин ҳамкорлар. Бизнинг ҳар йиллик учрашувимиз ўтган йилги ютуқларни таҳлил қилиш, келгуси режаларни белгилаб олишга имкон беради”, - деб таъкидлаб ўтди.

Комиссар Мимица “Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий ҳамкор, ва биз келгусида ҳам минтақадаги нуфузимизни мустаҳкамлашга тайёрмиз. Европа Иттифоқи 2020 йилгача ажратадиган жами 1,2 млрд. евро миқдоридаги маблағ минтақанинг барқарор ривожланишига йўналтирилган. Марказий Осиёдаги ҳамкорларларимиз билан биргаликда биз янги иш ўринлари яратиш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, сув ресурларини бошқаришда самарадорликка эришиш, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги аҳволни яхшилашга қаратилган ташаббусларни қўллаб қувватлаймиз”, - дея таъкидлади.

 “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” учрашувида хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт, сиёсий ва ЕИнинг минтақадаги роли каби масалалар кўриб чиқилади.

Самарқандга ташрифи давомида Федерика Могерини “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлайди.

Федерика Могерини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Ташриф дастурига қатор иккитомонлама учрашувлар ҳам ўтказади, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлари вазирлари билан музокаралар ҳам бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамизки, 2014-2020 йилларда Европа Иттифоқи 168 миллион евро беғараз техник ёрдам беради, улар асосан қишлоқ ҳудудларида ривожлантиришга йўналтирилади.   Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 1996 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва йилига мамлакатни ривожлантиришга қаратилган ўртача 24 миллион евро миқдорида грантлар ажратади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: