Федерика Могерини Ўзбекистондаги ислоҳотларга баҳо берди

Дата: 16:33, 09-11-2017.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Федерика Могерини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга баҳо берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сўнгги пайтларда бошланган ва амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим бўлиб, мамлакатдаги ички вазият ҳамда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан алоқаларни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб атади ва бу сўзларни муайян ҳаракатларга айлантириш учун чоралар кўрмоқда. Бунинг айрим натижаларини кўрмоқдамиз: хусусан, чегараларни делимитация қилиш бўйича ташаббуслар, минтақада иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада ҳамкорлик муносабатларининг ривожлантирилиши”, - деди у Газета.uz нашрига берган интервьюсида.

Албатта, деб давом этди Федерика Могерини, биз минтақадаги ҳамкорлар ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш учун ҳали кўп нарса қилиниши кераклигини тушунамиз, масаланинг айрим томонлари кўп куч ва ишонч талаб қилади, лекин ишлар динамикаси албатта истиқболли. Замонавий дунёдаги таҳдидлар айрим давлатлар ҳудудлари билан чекланган эмас, яхши қўшничилик муносабатлари ва ҳамкорлик барқарор ечимлар учун ягона йўлдир. Европа Иттифоқи бундай ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдиган минтақалар ва давлатларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр”, - деб таъкидлади Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: