Фэнтези жанридаги илк ўзбек филми Бишкек ва Ўш кинотеатрларида намойиш этилади
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Фэнтези жанридаги илк ўзбек филми Бишкек ва Ўш кинотеатрларида намойиш этилади, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ) ҚР Маданият вазирлигига асосланган ҳолда.
“Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида “Октябр” (Бишкек) ва “Сейтек” (Ўш) кинотеатрларида Акбар Бектурдиевнинг “Ойқиз эртаги” (Ой юзли қиз ҳақида ҳикоя) фильми 6 ва 7 октябр кунлари кўрсатилади”, - дейилади хабарда.
Фильм “Ўзбекфилм” киностудияси томонидан “Ўзбеккино” агентлиги буюртмасига кўра 2016 йилда суратга олинган. “Ойкиз эртаги” – экшн фэнтези жанридаги илк ўзбек фильми бўлиб, унинг воқеалари ўрта аср подшолигида бўлиб ўтади. Тасвирга олиш ишлари Хива шаҳрида ўтказилган.
Картина режиссёри Акбар Бектурдиев барча трюклар актёрлар тарафидан каскадёрлар кўмагисиз олинганини айтиб ўтди.
Фильмдаги ролларни Йигитали Мамажонов, Юлдуз Ражабова, Алихан, Маъруф Отажонов, Дилбар Икромова, Ҳайрулла Сайдиевлар ўйнашган.
“Ойкиз эртаги” фильмини ўзбек кинематографидаги янги сўз дейиш мумкин.


