Феврал-мартда Ўзбекистонда ҳар йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирув ўтказилади

Дата: 16:25, 26-01-2016.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Феврал-мартда Ўзбекистонда ҳар йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирув ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мудофаа вазирлигидан хабар қилишларича, 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чақирув ёшидаги, чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаролари муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳозирги пайтда Мудофаа вазирлигининг мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, маҳаллалардан зарур маълумотлар тўпланмоқда ва уларнинг оилавий аҳволи ўрганилмоқда.

Бу жараёнда муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, яроқсиз ва чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга ёшлар аниқланмоқда. Тўпланган барча маълумотлар картотека ва электрон маълумотлар базасига киритилмоқда.

Айни пайтда чақирилувчи ёшлар тиббий комиссиядан ўтказилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: