Февралда Тошкентда 12-чи Халқаро “MebelExpo Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 16:11, 23-01-2015.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – 24-27 февралда Тошкентда 12-чи Халқаро “Мебель ва ишлаб чиқариш технологиялари - MebelExpo Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кўргазма ITE Uzbekistan компанияси томонидан ташкил этилмоқда.

Ташкилотчиларнинг хабар қилишларича, кўргазмада уй ва офис учун мебеллар, интерьер ва декор буюмлари намойиш этилади. Шунингдек, унда мебель ишлаб чиқариш учун ускуналар, хом-ашё ва материаллар, мебель кимёси (елимлар, лаклар ва бўёқлар), тахтага ишлов бериш ускуна ва асбоблари, мебель фурнитураси ҳам тақдим қилинади.

“MebelExpo Uzbekistan 2015” янгиликлари орасида етакчи австрия ишлаб чиқарувчисидан турли хилдаги мебель қопламалари, Италия, Германия, Туркия ва Хитойдан мебель ишлаб чиқариш ускуналари, Австрия ва Италиядан хушбичим ва ишончли мебель фурнитураси, турк ишлаб чиқарувчиларидан мебель кромкалар, Беларусиядан плита материаллари ва кенг турдаги мебеллар ҳам кўрсатилади.

“MebelExpo Uzbekistan” анъанавий равишда халқаро ”UzBuild” кўргазмаси билан бир майдончада ўтказилади.

“MebelExpo Uzbekistan” Ўзбекистондаги мебель ва ёғочни қайта ишлаш соҳасидаги ягона халқаро кўргазмадир. Унда соҳадаги илғор ечимлар намойиш этилиб, кўргазма мебель ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар, замонавий технологик ускуналар, асбоб ва фурнитура, бутловчи қисмлар етказиб берувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиши учун ўзига хос майдонча ҳамдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: