Февралда ЎзРТХБ савдо платформаларида товарлар сотуви ҳажми деярли 40% кўпайди
Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – 2016 йилнинг февралида Ўзбек республика товар хом-ашё биржаси (ЎзРТХБ) савдо платформаларида товарлар сотуви ҳажми 913,8 млрд сўмга етди. Бу эса, 2015 йилнинг шу давридаги муқобил кўрсаткичдан деярли 40% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Биржа савдолари ҳажми 2015 йилнинг февралига қараганда 41%, ярмарка савдолари 39%, давлат харидлари 17% ва корпоратив харидлар 23%га ошди”, - деб таъкидлашди ЎзРТХБ.
Хусусан, биржа савдоларининг ҳажми ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 507,3 млрд сўмдан 717,8 млрд сўмга ошди. Савдо етакчилари – қурилиш материаллари ва озиқ – овқат маҳсулотлари умумий ҳажми савдолардаги бошқа товарлар ҳажмининг ошиши ҳисобига 51%дан 43%гача камайди. Жумладан чорва озуқа маҳсулотларининг бозордаги улуши 8%дан 12%га ўсди. Шунингдек полиэтилен грануласи савдоси 11%дан 75%га ошди. Экспорт савдосининг умумий ҳажми $5 млндан ошди.