ЎФФ хорижий тренерлардан биронтаси федерация талабларига жавоб бермаслигини маълум қилди

Дата: 16:34, 20-10-2017.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон термаси мураббийлигига кўриб чиқилган хорижий тренерлардан биронтаси федерация талабларига жавоб бермайди, деди Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбари Умид Аҳмаджонов, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎФФ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Биз 20-25 кун ичида миллий терма жамоага хорижлик мураббий тайинланиши ҳақида айтиб ўтган эдик. Бугунги кунда бир қанча номзодларни кўриб чиқдик, лекин, ҳозирча, бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади. Аммо, изланишда давом этяпмиз, музокаралар олиб бормоқдамиз”, - деди У.Аҳмаджонов ЎФФ йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ёшартирилиши муносабати билан унинг таркиби буткул янгиланмоқда. БААга қарши ўйинда ёшлар футболчилар майдонга тушади.

“Биз келажак учун истиқболли режалар тузаяпмиз. Шу тамойилга содиқ қолган ҳолда миллий терма жамоа таркибини ёшартириш йўлидан борамиз”, - деди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига.

Шунингдек, ЎФФ раҳбари вақтинчалик тренер Рўзиқул Бердиев жамоани Бирлашган Араб Амирликларига ўртоқлик учрашувига бошлаб боришини ҳам маълум қилди.

“БАА билан ўйин миллий терма жамоа таркибига номзод бўлган янги ёшларни саралаб олиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Жамоани майдонга Рўзиқул Бердиев бошлаб тушади”, - деб таъкидлади Аҳмаджонов.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 14 ноябр куни БАА билан меҳмонда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйин бўлиб ўтадиган стадион ва унинг вақти ҳақида кейинроқ хабар берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: