ЎФФ Самвел Бабаянни футболдан умрбод четлатди

Дата: 16:27, 16-01-2018.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) миллий терманинг собиқ бош тренери Самвел Бабаянни футболдан умрбод четлатди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Федерация матбуот хизматининг маълум қилишича, ЎФФ Ижроия Қўмитаси Бюросининг бунга доир тегишли қарори 15 январда қабул қилинган.

Маълумотларга кўра, Бабаян тошкентнинг “Пахтакор” футбол клубида фаолият олиб борган вақтида футболчиларнинг шартномаси билан боғлиқ ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритган. “Мутахассис жамоага янги раҳбарият келаётганидан хабар топгач, клуб билан битими 2018 йил сўнгига қадар бўлган футболчилар шартномасини 2017 йил қилиб ўзгартирган”, - дейилади хабарда.

“Бундан кўзланган асосий мақсад – йил сўнгида эркин агентга айланадиган футболчиларни хорижий клубларга сотиб, моддий манфаат кўриш бўлган”, - дейилади яна хабарда.

“Маълум бир футболчиларни хориж клубларига сотиш ва моддий манфаат кўриш мақсадида, гарчи уларнинг савияси талабга жавоб бермаса ҳам, доимий равишда муҳим ўйинларда миллий терма жамоанинг асосий таркибида майдонга туширишни оқлаш қийин”, - деб таъкидланади ЎФФ хабарида.

Сурат манбаи: http://ru.sputniknews-uz.com/sport/20170904/6210840/Babayan-otstupat-nekuda.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: