ЎФФ Таиланд Қироли Кубогидаги воқеа учун кечирим сўради

Дата: 09:55, 04-02-2015.

Тошкент. 4 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) “Таиланд Қироли Кубоги” турнири ташкилотчилари ва Жанубий Корея Футбол ассоциациясига Ўзбекистон термаси (U-23) футболчиларининг Жанубий Кореяга (U-23) қарши ўйиндаги спортга хос бўлмаган ҳаракатлари учун кечирим сўраб мактуб йўллади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон терма жамоалари навбатдан ташқари мажлис ўтказиб, унда мамлакат термасининг икки ўйинчисини уларнинг спортга хос бўлмаган ҳаракатларига қарши қаттиқ чоралар кўриш ҳақида қарор қабул қилди”, -дейилади ЎФФ хабарида.

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг аъзолари Тоҳир Шамсиддинов ва Жалолиддин Машариповларга, шунингдек, улар ўйнайдиган клуб томонидан ҳам чора қўлланилади. Мураббийлар штаби билан эса тушунтириш ишлари олиб борилади.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йил 1 февралда Ўзбекистон Футбол федерацияси “Таиланд Қироли Кубоги» халқаро турнир доирасида Ўзбекистон Жанубий Корея учрашувида Ўзбекистон термаси минимал ҳисобда (0:1) мағлубиятга учради. Ўйин давомида терма жамоа ўйинчиси Жалолиддин Машарипов рақиб футболчисини қаттиқ тепиб олди, бошқа бир вазиятда Тоҳир Шамсиддинов Жанубий Кореялик ўйинчининг юзига бир неча марта урган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўйиндан чиқариб юборилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: