ФИФА инструктори футбол нафақат футболчи ва мураббийлардан ташкил топишини эслатиб ўтди

Дата: 16:52, 27-02-2015.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда журналистлар учун ўтказилган семинарда Саудия Арабистонилик ФИФА инструктори Али Траифи футбол нафақат футболчи ва мураббийлардан ташкил топишини эслатиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

“Футбол нафақат футболчи ва мураббийлардан ташкил топади. Унда бир қатор бошқа соҳа вакиллари ҳам борки, уларсиз бу спорт турини тасаввур қилиш қийин. Ҳакамларнинг қарорлари футболда катта аҳамиятга эга ва айрим вазиятларда айнан ушбу қарорлар ўйин тақдирини ҳал қилади. Шу билан бирга, футболда журналистларнинг ҳам ўрни каттадир. Айнан улар туфайли миллионлаб инсонлар энг сўнгги футбол янгиликларидан хабардор бўлишади. Аммо, айрим вазиятларда улар ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, қоидалар ҳақида етарлича билимга эга бўлмай футболдаги эпизодлар, ҳакамларнинг қарорлари борасида фикр юритадилар. Бу эса футбол мухлислари ва ўқувчилар учун нотўғри маълумотлар тарқатилишига олиб келади. Бугунги семинар айнан шунақа ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳам ташкил этилди. Семинар давомида эса, ўзбекистонлик журналистларнинг мунозарали вазиятларни муҳокама қилиш пайтида анча актив бўлганлари менга манзур бўлди», - деб таъкидлади Али Траифи семинардаги чиқишида.

Шунингдек, семинарда ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаев, ЎФФ ҳакамлар ва назоратчилар Бошқармаси бошлиғи Ноил Лутфулин ва ФИФА рефериси Равшан Эрматовлар ҳам қатнашилар.

Жами икки соатдан ошиқ давом этган тадбирда журналистлар ҳакамлар фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлишди ва ўз билимларини бойитдилар. Бунда уларга футбол учрашувлари пайтида содир бўлиб турадиган турли хил баҳсли вазиятлар акс эттирилган видеоматериаллар ҳам ёрдам берди.

Шуниси эътиборга моликки, семинарга ташриф буюрган журналистлар мазкур семинар унда қатнашган барча иштирокчилар учун фойдали бўлишини айтиб ўтишди ва бундай семинарларни яна ташкил этиш таклифи билан чиқдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: