Фирибгар Наманган инженер-педагогика институтига киритишга ёрдам учун $5 минг ундирмоқчи бўлди
Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – МХХнинг Наманган вилояти бўйича Бошқармаси тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан биргаликда “Фарҳонагаз” УК Поп тумани газ тўлдириш станцияси бошлиғи Ф.Валижоновни $5 минг пора олаётган пайтида ашёвий далиллар билан бирга қўлга олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизими хабарига асосланган ҳолда.
“Қўлга олинган шахс валютани “И.М.” исмли аёлдан унинг ўғлини Наманган инженер-педагогика институтига киритишда ёрдам эвазига олмоқчи бўлган. Фирибгар жами 5 минг талаб қилган, бунинг $3,5 минги аванс сифатида берилиши керак бўлган”, - дейилади куч тизими хабарида.
Вилоят прокуратураси Ф.Валижоновга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора бериш) моддаларида кўзда тутилган жиноят белгилари бўйича жиноий иш очди. Тергов доирасида унинг ҳамтовоқлари шахсини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.