Fitch Ratings тўрт ўзбек банкининг сўм қадри 50%га тушиб кетишига бардошлигини алоҳида таъкидлади
Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги қатор ўзбек банкларининг сўм қадрининг тушиб кетишига қанчалик бардошлигини ўрганиб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Агентлик маълумотларига кўра, рейтингланадиган Ўзбекистон банкларининг кўпчилиги ҳукумат валюта бозорини эркинлаштиришни ва айирбошлаш операциялари назоратини юмшатишни режалаштираётгани учун ўрта муддатли истиқболда кузатилиши мумкин бўлган сўм курсининг пасайишига бардошли. Шу билан бирга, бир қатор банклар миллий валюта курсининг сезиларли тарзда пасайишига таъсирчан ҳисобланади.
“Fitch Ўзбекистон банкларининг турли ҳолатларда сўм курси тушиб кетишига бардошлилигини баҳолади. Бизнинг баҳоларимизга кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Микрокредитбанк”, “Трастбанк” ва “Универсал Банк” капиталга нисбатан регулятив талабларни бузмаган ҳолда, курснинг 50% пасайишига бардош бера олади, “Асака” ва “Ипак йўли” банклари эса курснинг 20%га тушишига чидаб бериши мумкин, аммо уларга қўшимча капитал ёки талаблардан четлашиш учун рухсат керак бўлиши мумкин. “Агробанк” ҳозирданоқ минимал талабларга амал қилмаяпти”, - деб таъкидланади агентлик хабарида.
Fitch тўғридан тўғри банк хавфлари паст деб ҳисоблайди, чунки барча рейтингланган ўзбек банклари “узун” ёки тўлиқ ёпилган валюта позицияларига эга. Аммо миллий пулнинг эркин конвертацияси депозитларнинг долларлашиши ўсишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолда банклар валюта позицияларини қоплаш учун кўпроқ валюта кредитлари беришга мажбур бўлишади. Бу эса активлар сифатига хавф туғдириши мумкин.
Агентлик мутахассисларининг фикрига кўра, сўм девальвацияси банклар капитализациясида салбий акс этади. Сўм девальвацияси “Ўзсаноатқурилишбанк” (2017 йил 1 чорак якунида 82% кредитлар) ва “Асака” банкида (54%) юқори даражада бўлган ва “Ипак йўли” банкида (25%) аҳамиятли даражада бўлган валюта кредитлари сифатининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг валюта кредитларининг асосий қисми валюта даромадлари олувчиларга берилган, бу эса активларнинг валюта курсидан жабр кўришини чеклайди, аммо “Асака” ва “Ипак йўли” банкининг валюта кредитлари анча қалтис ҳолатда қолади, деб таъкидланади хабарда.