“France24” Академиясининг катта журналисти Дуглас Эрбер ўзбек журналистлари учун семинарлар ўтказди

Дата: 14:35, 08-01-2018.

Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – “France24” Академиясининг катта журналисти Дуглас Эрбер Ўзбекистон ОАВ журналистлари учун ўтказилган икки семинарга тренерлик қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбирлар Тошкентда 2017 йилнинг 27 ноябри ва 2018 йилнинг 2 январида бўлиб ўтди.

Тренинг Франция элчихонаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (“Ўзбекистон 24”) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарнинг очилишида Франция элчиси Виолен де Вилмор хоним қатнашди.

“Маълумотларни текшириш” мавзусида бўлиб ўтган семинарда ўттиз нафарга яқин ёш ўзбек журналистлари иштирок этишди. Мазкур семинарда изланаётган ёки тарқатилаётган маълумотларнинг, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш борасида журналистларнинг лаёқатини ошириш кўзда тутилди. Семинар давомида иштирокчилар фото, архив, блог ва видео материалларнинг ҳаққонийлигини текшириш учун зарур кўникмаларни аниқ мисоллар ёрдамида орттириш имкониятига эга бўлишди. Мазкур семинар Франция элчихонаси билан бирга 2015-йилдан буён ўтказиб келинаётган тўртинчи малака ошириш семинари бўлди.

 Эслатиб ўтамизки, 2005-йилда таъсис этилган “France 24” канали France Media monde гуруҳи таркибига киради. Ушбу гуруҳ таркибида, шунингдек, радиоканал, интернет сайти ва журналистлар академияси ҳам мавжуд. Француз, инглиз, араб ва испан тилларида эфирга чиқадиган “France 24” канали бутун дунё бўйлаб 315 миллиондан ортиқ хонадонга кириб борган.

Сурат манбаи: http://www.wbcenter.ru/lenta-sobytij/seminar-prava-zhenschin-v-sfere

Янгилик билан ўртоқлашиш: