Франция Бўстонлик туманидаги туристик зонани ободонлаштиришга ёрдам беради

Дата: 15:27, 27-11-2018.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Франция Бўстонлик туманидаги туристик зонани ободонлаштиришга ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг матбуот хизмати маълумотига кўра, келишув 21 ноябр куни сайёҳлик соҳасидаги Orex Loisirs, Compagnie des Alpes, Geode, Egis, Epode ва Patriarch француз компаниялари ҳамда Тошкент вилояти ҳокимияти ўртасида Франциянинг элчиси иштирокида имзоланди.

“Ушбу шартнома Франция томонидан Бўстонлиқдаги сайёҳлик ҳудудини такомиллаштириш бўйича техник-иқтисодий асосномани ишлаб чиқишга қаратилган грант тақдим этилганидан кейин имзоланди. Консорциум жамоаси аллақачон бу туманда дастлабки тадқиқотлар ўтказиш билан шуғуллана бошлади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, улар Чорвоқ кўлида ва унинг атрофида қишки ва ёзги спорт курортлари, сув парклари, экотуризм ёки алпинизмнинг ривожланиши учун дам олиш марказларини аниқлаши керак. Консорциум кўл ифлосланиши, ландшафт йўқ қилинишининг олдини олиш мақсадида атроф-муҳитга зарар етказмасдан рентабелликни таъминлайдиган (қурилиш қоидалари, канализацияга уланиш, ердан фойдаланиш шартлари) шаҳарсозликнинг турли моделларини таклиф қилиши ва туристлар оқими учун керак бўлган инфраструктура даражаси (канализация, автомобиль, темир йўллар, энергетика ва бошқалар) ва қийматини ҳисоблаб чиқиши зарур.

Бундан ташқари, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) томонидан Чарвак тўғонини интеграциялашган ҳолда бошқариш бўйича таклифлар тақдим этилди, бу эса туризм ва қишлоқ хўжалиги, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сувдан фойдаланишни оптималлаштиришга имкон берар эди.

Сурат манбаи: https://uz.sputniknews.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: