Франция Ўзбекистонга тоғ туризмини ривожлантиришда ёрдам беради

Дата: 19:32, 10-01-2017.

Тошкент. 10 январ. ЎзТАГ – Франция Ўзбекистонга тоғ туризмини ривожлантиришда ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси сайтига асосланган ҳолда.

Хабар берилишича, қўмита раиси Анвар Шарапов Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор билан учрашди.

Қўмита раиси учрашувда француз томонига сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришни, янги туристик инфраструктура объектларини қурилиш ва таъмирлашда биргаликда лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

Ўз навбатида, Виолен де Вильмор феврал ойида тоғ туризми бўйича франциялик мутахассис Ўзбекистонга келиб, Чимён-Чорвоқ дам олиш ва рекреация ҳудудини кўздан кечириши, шу орқали экологик ва бошқа сайёҳлик турларини ривожлантириш йўлларини, бу ишларга хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича таклифлар киритишини маълум қилди.

Бундан ташқари, томонлар Францияда Ўзбекистон музейларининг кўчма экспозицияларини ташкил қилиш, ўзбек телевидениесининг француз тили ва маданияти ўрганишга бағишланган теледастурларини трансляция қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунлари бўйича аниқ таклфилар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: