Франциянинг Миллий магистратура мактаби ўзбек прокурорларини тайёрлашга ёрдам беради
Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – Франция Республикасининг Миллий магистратура мактабида (ENM) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи Евгений Коленко билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан маълум қилишларича, ташриф доирасида икки мамлакат муассасалари орасида 5 йил муддатга прокурорларини тайёрлаш, тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ташкил қилиш юзасидан ҳамкорликка доир келишув имзоланди.
Қўшимча қиламизки, ушбу ҳамкорлик ўз тарихига эга. Аввалбошда, 2012 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курслари ва Франция Республикасининг Миллий магистратура мактаби ўртасида ҳамкорлик қилиш истагига доир декларация имзоланган эди.
Ушбу декларацияни амалга ошириш 2017 йил бошида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Олий ўқув курслари ўқитувчилари малакасини ошириш доирасида бошланди.
2017 йил 6-7 сентябр кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Олий малака ошириш курслари ўқитувчилари малакасини ошириш бўйича семинар бўлиб ўтди. Уни жиноий ҳуқуқ бўйича қарор қабул қилиш ва расмийлаштириш бўлимининг етакчи мутахассиси Орели Реймон ва Бордо шаҳридаги Миллий магистратура мактабининг прокуратура фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича масъул бўлган мувофиқлаштирувчиси Лоран Гевре томонидан ўтказди.
Сурат манбаи: http://ru.osvita.ua/abroad/higher_school/france/32225/