Футбол бўйича 2019 йилги Осиё Кубоги Бирлашган Араб Амирликларида бўлади

Дата: 22:29, 10-03-2015.

Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – Футбол бўйича 2019 йилги Осиё Кубоги Бирлашган Араб Амирликларида бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Футбол федерацияси маълумотларига кўра, Осиё футбол конфедерацияси қарорига мувофиқ, жаҳон чемпионати 2018 йилнингнинг 2-саралаш босқичи ҳамда Осиё кубоги-2019 саралашига қуръа ташлаш маросими 14 апрел куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида маҳаллий вақт билан соат 15:00да (Тошкент вақти билан 12:00да) ўтказилилади. Қуръа жараёнида терма жамоалари айни дамдаги ФИФА рейтингидаги ўрнига қараб саватларга ажратилади.

ФИФА рейтингига мувофиқ 34 терма жамоа 2-саралаш босқичига автоматик тарзда йўлланма олдилар. Булар Эрон, Япония, Жанубий Корея, Ўзбекистон, БАА, Қатар, Уммон, Иордания, Хитой, Австралия, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Ироқ, Фаластин, Ливан, Қувайт, Филиппин, Мальдив, Вьетнам, Тожикистон, Мьянма, Афғонистон, Таиланд, Туркманистан, КХДР, Сурия, Қирғизистон, Малайзия, Гонконг, Сингапур, Индонезия, Лаос, Гуам ҳамда Бангладеш термаларидир.

Мазкур 34 жамоага 2-саралаш босқичида 1-босқичдан муваффақиятли ўтган яна 6 терма жамоа ҳам қўшилади. Биринчи босқич жуфтликлари эса қуйидагича: Ҳиндистон - Непал, Яман - Покистон, Шарқий Тимор - Мўғилистон, Камбоджа - Макао, Хитой Тайпейи - Бруней ҳамда Шри-Ланка - Бутан. Мазкур жуфтлик баҳслари 17 мартгача бўлиб ўтади.

2-саралашнинг 40 жамоалари 5тадан 8 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришадилар. Мусобақаларнинг гуруҳ босқичи доиравий тартибда ўтказилади. 2018 йилги жаҳон чемпионатининг 2-саралаш босқичи 2015 йилнинг 11 июнидан 2016 йилнинг 29 мартигача бўлиб ўтади.

Гуруҳ ғолиблари, шунингдек, барча гуруҳлардаги иккинчи жамоалар орасида энг яхши кўрсатгичга эга бўлган яна 4 жамоа Осиё Кубоги-2019 финал босқичига автоматик равишда йўлланмани қўлга киритадилар ва ЖЧ-2018 финал босқичи йўлланмаси учун 3-саралаш босқичида курашни давом эттирадилар.

2-саралаш раундининг қолган 24 энг яхши жамоалари қолган 12та йўлланма учун ОК-2019 финал босқичига йўлланма учун алоҳида мусобақада беллашадилар.

Таъкидлаш жоизки, Осиё Кубоги-2019 мезбонлигига БААдан ташқари Эрон ҳам даъвогарлик қилган эди.

2015 йил 9-31 январда бўлиб ўтган 2015 йилги Осиё кубогининг ғолиби Австралия термаси бўлган эди. Ўзбекистон термаси турнир чорафиналига қадар бориб, унда Жанубий Корея жамоасига 2:0 ҳисобида ютқазди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: