Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар термаси Баҳрайнни янчиб ташлади
Тошкент. 24 декабр. ЎзТАГ – Ўсмир қизлар (U-16) ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш турнирининг биринчи ўйинида Ўзбекистон термаси Баҳрайн термаси билан учрашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўйин Ўзбекистонлик спортчи қизларнинг мутлақ устунлигида ўтди. Ўйин давомида улар тенгдошлари дарвозасига 17 жавобсиз тўп йўлладилар”, – деб қайд этишди Футбол федерацияси матбуот хизматида.
Ўсмир қизлар (U-16) ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш турнири “А” гуруҳида фақат Ўзбекистон ва Баҳрайн термалари қатнашмоқда. 25 декабр куни жамоалар ўртасида иккинчи учрашув бўлиб ўтади. Биринчи ўйин натижасини ҳисобга олган ҳолда, Баҳром Норсафаров шогирдлари Хитойда бўлиб ўтадиган ўсмир қизлар (U-16) ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритди, дейиш мумкин.