Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаси доирасида биринчи жанжал келиб чиқди
Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ - Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигасининг уч тури ҳам ўтмай туриб, биринчи жанжалли ҳолат келиб чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Учинчи турда самарқанднинг “Динамо” клуби ўз майдонида “Қизилқум” футболчиларини қабул қилди. 2:2 ҳисобида якунланган ўйиндан кейин мезбонларнинг тренерлик штаби ҳакамлар бригадасининг ҳаракатларига норозилик билдирди. Самарқандликлар Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадасини пенальтини нотўғри берганлик ва ўйиннинг 53-дақиқасида динамочи Холмуродовни ноҳақ ўйиндан четлатганликда айбладилар. Бундан ташқари, “Динамо” вакиллари фикрига кўра, навоийликларнинг иккинчи голи ўйиндан ташқари ҳолатдан туриб киритилган”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Профессионал футбол лигасидаги (ПФЛ) манба.
Эндиликда жамоалар ПФЛ Интизомий қўмитаси қарорини кутадилар.