Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида сўнгги 12 кунда иккинчи ҳакам четлатилди

Дата: 10:20, 28-09-2017.

Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда сўнгги 12 кунда иккинчи ҳакам футбол бўйича миллий чемпионат ўйинларига хизмат қилишдан четлатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Олий Лига 22-тури доирасидаги “Шўртан” – “Навбаҳор” ўйинига ҳакамлик қилган Олим Толибжонов интизомий жазога тортилди. Унинг ушбу ўйиндаги баҳоси 4 баллга баҳоланди.

“Олим Толибжоновнинг ҳакамлиги қониқарсиз деб топилди. Натижада Олим Толибжоновни Ўзбекистон чемпионати, биринчилиги ва Ўзбекистон Кубоги ўйинлари доирасидаги 10 та ўйинга четлатди. Бундан ташқари, унинг хизмат ҳақи 75%га камайтирилди. Рефери ёрдамчиси Александр Буровга ҳам жазо тайинланди ва у ҳам 4 ўйиндан четлатилди. Хизмат ҳақи 75%га камайтирилди”, - деб таъкидланади ЎФФ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ Олий Лига 21-тури доирасидаги 16 сентябрда ўтказилган “Бухоро” – “Динамо” учрашувини бошқарган Рустам Бобомуродов қўпол хатоларга йўл қўйгани туфайли умрбод ҳакамликдан четлатилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: