Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияни мағлуб этди
Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Иорданияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Биринчи тайм бошида гол ўтказиб юборган ўзбек футболчилари нафақат ҳисобни тенглаштирдилар, балки учрашувни ўз ҳисобларига ҳал қилдилар. Ўйиннинг 16 дақиқасида Удай Ал Сайфи томонидан киритилган голга Миржалол Қосимов шогирдлари Сардор Рашидовнинг 30-дақиқада ўн бир метрликдан аниқ зарбаси билан жавоб бердилар. Иккинчи бўлим якунланиб бораётган вазиятда, аниқроғи ўйинни 87-дақиқасида заҳирадан майдонга тушган Наврўз Олимов Иордания дарвозасини ишғол этди ва Ўзбекистонга ғалаба келтирган гол муаллифига айланди”, – деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон термасининг Иорданияга қарши ўйини жамоанинг Дубайдаги ўқув-машқ йиғини доирасида ўтказилди. Йиғин 29 декабрга қадар давом этади Миржалол Қосимов жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувларини 25 ва 28 декабр кунлари Ироқ терма жамоасига қарши ўтказади.