Футбол бўйича Ўзбекистон миллий термаси Австралияга етиб борди
Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – Куни кеча эрталаб футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги баҳсларида иштирок этиш учун Австралиянинг Сидней шаҳрига етиб борди. Терма жамоа делегацияси Сиднейдаги “Shangri-La” меҳмонхонасига жойлашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Футбол федерацияси сайтига асосланган ҳолда.
Маълумотга кўра, миллий терма жамоа 6 январ куни Сиднейда Малайзиянинг “Даърул Таъзим” клубига қарши ўртоқлик-назорат учрашувида майдонга тушади. Мазкур ўйин Қосимов жамоаси учун Осиё Кубоги баҳсларидан олдинги сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Эслатиб ўтамизки, қитъанинг ушбу нуфузли мусобақаси жорий йилнинг 9-31 январ кунлари Австралиянинг беш шаҳри – Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра, Мельбурнда 16-маротаба бўлиб ўтади.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг “B” гуруҳида Саудия Арабистони, Хитой ва КХДР терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Гуруҳ босқичининг 1-турида Ўзбекистон терма жамоаси 10 январ куни КХДРга қарши майдонга тушади. Кейинчалик – 14 январ куни жамоа Хитой билан Брисбенда, 18 январда Мельбурнда Саудия Арабистони билан ўйнайди.