Футбол бўйича Ўзбекистон олимпиа термаси Дубайга йиғинга жўнаб кетди

Дата: 12:06, 05-01-2016.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон олимпиа термаси (U-23) ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бошланиши олдидан Дубайга сўнгги йиғинига жўнаб кетди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Дубайда Самвел Бабаян шогирдлари қатор назорат учрашувлари ўтказади ва йиғин якунлангач Қатар пойтахти Доха шаҳрига йўл олади. Бу ерда 12 январда Осиё чемпионатининг финал босқичи бошланади”, - деб таъкидлашди мамлакат Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси “C” гуруҳига тушган бўлиб, Жанубий Корея, Ироқ ҳамда Яман терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

“Ўзбекистон термаси Осиё чемпионатидаги биринчи ўйинни 13 январ куни Жанубий Корея олимпия терма жамоасига қарши ўтказади. Ўзбекистон олимпия термаси гуруҳ босқичидаги иккинчи ўйинини 16 январ куни Ироқ олимпия терма жамоасига қарши ўтказса, сўнгги турда Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги терма жамоа Яманга қарши майдонга тушади”, - деб қўшимча қилишди ЎФФ матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, Осиё чемпионатининг энг яхши уч жамоаси Рио-де-Жанейродаги олимпиа ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: