Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпиа термаси Вьетнамда йиғин ўтказади
Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпиа термаси Бангладешда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати U-23 малака турнирига тайёргарлик доирасида Вьетнамда ўқув-машқ йиғини ўтказади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Жамоа Тошкентда йиғилиб, бу ерда 5-8 март кунлари қисқа муддатли йиғин ўтказади. 7 мартда Бахтиёр Ашурматов шогирдлари пойтахт клубларидан бири билан ўртоқлик учрашувни ўтказишни режалаштирилмоқда. Шундан кейин 9 мартда терма жамоа Вьетнамга учиб кетади ва бу ерда 15 мартгача бўлади. Вьетнам йиғини тугашига бир кун қолганда Бахтиёр Ашурматов ўз шогирдларини Вьетнам Олимпиа термасига қарши ўйинда синаш имкониятига эга бўлади”, – деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.
Бангладешга терма жамоа 20 мартда боради. Ушбу турнир 25-30 март кунлари ўтказилади. “Е” гуруҳида Ўзбекистон термасидан бошқа яна Бангладеш, Сурия ва Ҳиндистон термалари бор.