Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия термаси Таиланд устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди

Дата: 12:30, 05-02-2015.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия термаси (U-23) “Таиланд Қироли Кубоги” доирасида мезбонлар устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Футбол федерацияси маълумотларига кўра, ҳисоб 2:2 бўлган ҳолатда ўзбек футболчилари рақиб дарвозасига ўйин охирида 3 гол урганлар. Натижада, Шуҳрат Мақсудов шогирдлари 5:2 ҳисобида йириқ ҳисобда ғалабага эришдилар.

Маълумот ўрнида, икки турдан кейин гуруҳда Жанубий Корея футболчилари етакчилик қилмоқдалар. Иккинчи турда корейс футболчилари Гондурас термаси устидан ишончли ғалабага эришдилар (2:0).

“Таиланд Қироли Кубоги”нинг якуний тури ўйинлари 7 февралда бўлиб ўтади. Шу куни Ўзбекистон Гондурас термаси билан ўйнайди. Параллель ўйинда эса Жанубий Корея ва Таиланд термалари беллашадилар.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 1 февралида “Таиланд Қироли Кубоги”нинг биринчи ўйини бўлиб ўтган, унда Ўзбекистон ва Жанубий Корея олимпиа термалари ўйнаган эдилар. Мазкур учрашув ўзбекистонликларнинг минимал ҳисобдаги (1:0) мағлубияти билан тугаган эди. Ўз навбатида, Таиланд термаси биринчи ўйинда Гондурас ёшлар термасини енгган эди (3:1).

“Таиланд Қироли Кубоги” 1968 йилдан бери ўтказиладиган халқаро футбол турниридир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: