Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий термаси Осиё чемпионати чорак финалига чиқди
Тошкент. 15 октябр. ЎзТАГ – Футбол бўйича Мьянмада ўтаётган ёшлар ўртасида Осиё чемпионатининг (ОЧ) учинчи турида Ўзбекистон термаси Австралия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу натижа Равшан Хайдаров шогирдларига “В” гуруҳида иккинчи ўринни олиб турнир чорак финалига чиқишга имкон берди. Ушбу босқичда мамлакатимиз термасининг рақиби “А” гуруҳида биринчи ўринни олган Таиландлик ёшлар бўлади. Мазкур ўйин Янгон шаҳрида 17 октябрда бўлиб ўтади”, – деб таъкидлашди мамлакат Футбол федерацияси матбуот хизматида.
Турнир олдидан ёшлар терма жамоаси ўз олдига уч вазифани қўйган эди. “Учрашувда дуранг қайд этиб бўлса ҳам, олдимизга қўйилган минимум вазифани бажардик. Навбатдагиси – кейинги ўйинда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Австралия билан ўйинда ирода кўрсатиб, зарур натижага эришдик. Бугунги учрашувда қўлга киритилган дуранг йигитларнинг ўзига бўлган ишончини янада орттиради, деб ўйлайман. Таиланд билан ўйинга тайёргарлик ҳозирданоқ бошланди. Учинчи вазифа эса турнирда ғалаба қилишдир”, - деб таъкидлади Ўзбекистон термаси мураббийси Равшан Ҳайдаров.