Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар термаси Бангладеш термасини енгди

Дата: 14:25, 30-03-2015.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Куни-кеча футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар термаси Осиё чемпионати (U-23) саралаш турнири доирасида Бангладеш термасини 4:0 ҳисобида енгди. Ўйин Бангладеш пойтахти Даккада бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Футбол федерациясидан хабар қилишларича, барча голлар биринчи таймда урилган. Тўпларга Жалолиддин Машарипов (3-дақиқада), Сардор Раҳмонов (13- ва 29-дақиқада) ва Аббосбек Махсталиевлар (39-дақиқада) муаллифлик қилганлар.

Ушбу турдан кейин Осиё чемпионати (U-23) “Е” гуруҳида Сурия термаси энг яхши тўплар нисбатига эга бўлган ҳолда 6 очко билан етакчилик қилмоқда. Сурия футболчилари Ҳиндистон ва Бангладеш жамоаларини бир хил - 4:0 ҳисобида енгганлар.

Эртага, 31 мартда Ўзбекистон ва Сурия жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтади ва шундан кейин гуруҳ ғолиби аниқланади. Эслатиб ўтамизки, боринчи ўйинда Бахтиёр Ашурматов шогирдлари Ҳиндистон термасини 2:0 ҳисобида енгган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: