Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг амалдаги чемпионини енгди
Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – Футзал бўйича Осиё чемпионатининг иккинчи турида Ўзбекистон терма жамоаси турнирнинг амалдаги чемпиони – Япония устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўйиннинг биринчи бўлимида жамоалар ёрқин ўйин кўрсатиб, биттадан гол уришди. Лекин ўйин тақдири матчнинг сўнгги дақиқаларида ҳал бўлди. Ўйиннинг охирги дақиқасида Ўзбекистон терма жамоаси капитани Шуҳрат Тожибоев тўпни юқоридан Артур Юнусовга етказиб берди. У боши билан тўпни дарвоза тўрига киритди. Юнусовнинг голи ғалаба голи бўлиб, жамоага 3 очко келтирди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон футзал ассоциациясида.
Икки ўйиндан кейин Ўзбекистон терма жамоаси “D” гуруҳида Қирғизистонга урилган ва ўтказилган тўплар нисбати бўйича иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Ҳар икки жамоада 4тадан очко бор. 3 очкога эга Япония учинчи, Жанубий Корея эса тўртинчи ўринда.