Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Колумбиядаги ЖЧ гуруҳдан чиқиш имкониятидан деярли ажралди

Дата: 14:00, 14-09-2016.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Колумбиядаги жаҳон чемпионатида турнир мезбонлари билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўйин ўзбекистонликлар учун омадли бошланди. Терма жамоа 15-дақиқадаёқ 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Голлар Жавлон Аноров ва Дилшод Ирсалиев томонидан киритилди. Аммо биринчи тайм охирида колумбияликлар битта жавоб голи киритишди. Уни 18-дақиқада Абрил киритди”, - деб таъкидлашди Футзал ассоциациясида.

Иккинчи тайм ўзбекистонликларнинг голидан бошланди. Артур Юнусов ва Нодир Элибоевлар ажойиб қарши хужум уюштириб, ҳисобни 3:1 айлантиришди. Аммо Ўзбекистон термаси ўйинчиларига ғалабани ушлаб қолиш учун куч етишмади. Колумбияликлар иккинчи бўлимнинг охирги уч дақиқасида икки гол киритишга муваффақ бўлишди. Натижада ҳисоб 3:3га айланиб, Ўзбекистон термаси турнир жадвалининг сўнгги поғонасига тушиб қолди.

Ўзбекистон термаси 16 сентябрда сўнги ўйини доирасида чемпионатнинг кучли термаларидан бири Португалия билан тўп суради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: