Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Қозоғистондан енгилди

Дата: 09:16, 12-08-2016.

Тошкент. 12 август. ЎзТАГ – Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Қозоғистондан иккинчи ўртоқлик учрашувида ҳам енгилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Иккинчи ўйинни ўзбекистонликлар рақибларидан кўра фаолроқ бошладилар ва икки тезкор тўп киритдилар. Артур Юнусов ва Дилшод Ирсалиевлар ўйиннинг 3- ва 4-дақиқаларида гол уришди. Аммо Какау шогирдлари осонгина бой беришни истамадилар ва мухлисларини хурсанд қилдилар. Натижада биринчи таймда битта ва иккинчи бўлимда учта гол уриб, ўйинни 4:2 ҳисобида ўз фойдаларига якунлашди”, – деб таъкидлашди Ўзбекистон Футзал ассоциациясида.

Ўзбекистон термаси Тошкентга қайтиб келди ва бу ерда Колумбиядаги жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттиради. Мундиал жамоа “A” гуруҳида Колумбия, Португалия ва Панама термалари билан биргаликда иштирок этади.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: