Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Қозоғистонга йирик ҳисобда мағлуб бўлди

Дата: 11:26, 10-08-2016.

Тошкент. 10 август. ЎзТАГ – Футзал бўйича Ўзбекистон миллий термаси Колумбиядаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Қозоғистон термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Қозоғистон билан икки ўртоқлик учрашуви ўтказади. Биринчи ўйин 9 августда бўлиб ўтиб, қозоқ футзалчиларнинг 6:1 йирик ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ҳисоб 3-дақиқада очилди. Голни Ўзбекистон термаси ўйинчиси Дилшод Раҳматов киритди. Аммо орадан 6 дақиқа ўтиб рақиб ҳисобни тенглаштирди ва кейинчалик 5 жавобсиз тўп киритди”, - деб таъкидлашди Футзал уюшмасида.

Хабар қилинишича, Қозоғистон термасига қарши иккинчи ўртоқлик учрашуви бугун, 10 августда, Алматида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамизки, футзал бўйича Ўзбекистон миллий термаси Колумбиядаги жаҳон чемпионатида “A” гуруҳига тушган бўлиб, Колумбия, Португалия ва Панама термалари билан беллашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: