ФВВ ходимлари “Бўрижар” каналида бир кишини қутқариб қолдилар

Дата: 17:32, 26-07-2017.

Тошкент. 26 июл. ЎзТАГ – ФВВ ходимлари “Бўрижар” каналида бир кишини қутқариб қолдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“22 июл куни соат 6.38да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчи қисмига Ички ишлар ходимлари томонидан Чилонзор туманидаги “Бўрижар” каналидаги қояда дарахт шохларига илиниб қолган фуқаро ёрдамга муҳтож эканлиги тўғрисида хабар келиб тушди”, - дейилади хабарда.

ФВВ маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қутқарув отряди воқеа жойига соат 6.50да тезкорлик билан этиб келади. Маълум бўлишича, “Бўрижар” каналидаги кўприкдан 20 метр узоқликда, 52 ёшли фуқаро қирғоқ ёнидан пиёда ўтаётган вақтда, эҳтиётсизлик оқибатида сувга тушиб кетади ва тахминан 50 метр сузиб толиққанлиги боис, дарахт шохларига илиниб қолади.

Қутқарувчилар махсус қутқарув-асбоб анжомлари ёрдамида фуқарони қирғоқ бўйига олиб чиқишади. Фуқаро сувда узоқ қолиб кетганлиги сабабли, толиққанлиги учун, қутқарувчилар томонидан зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг, жабрланган фуқаро “Тез тиббий ёрдам” хизматига топширилди. Ҳозирда қутқарилган фуқаро шифохонага ётқизилган, унинг саломатлигига зиён етмаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: