ФВВ Тошкент вилоятида оқсил тарқагани ҳақидаги маълумотни радъ қилди
Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ФВВ баъзи хориж ОАВда Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қорамоллар орасида оқсил касаллиги тарқалганлиги тўғрисида маълумотларни радъ қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат ветеринария Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Оққиев бошчилигида бир гуруҳ ветеринария мутахассислари ФВВ ходимлари, “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамроҳлигида бу жойда эпизоотик вазият ўрганиб чиқилди.
“Ветеринария мутахассислари томонидан қишлоқда уйма-уй юриш усулида олиб борилган ўрганиш давомида аҳоли томонидан боқилаётган қорамоллар ва ушоқ моллар орасида оқсил касаллиги белгилари аниқланмади. Лаборатория текширувлари ўтказиш учун тегишли намуналар олинди”, - деб таъкидлашди ФВВда.
Уйида қорамол боқаётган аҳоли билан суҳбатлаларда қорамолларни оқсил касаллиги билан касалланганлиги ва бундан нобуд бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар тасдиғини топмади.
ФВВ бугунги кунда республика ҳудудида эпизоотик вазият меъёридалигича қолмоқда, деб баёнот берди.
Эслатиб ўтамизки, 2016 йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан оқсил касаллигига қарши 4,5 млн доза миқдорида эмлама сотиб олинган ва унинг ёрдамида республиканинг буфер ҳудудларидаги барча қорамоллар эмланган.