ФВВ Тошкент вилоятида уйлар сув босиш хавфи остида қолганини билдирди

Дата: 17:10, 22-05-2017.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Чирчиқ дарёси сув сатҳининг кескин кўтарилиши натижасида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани “Абай” ҚФЙдаги 30 атрофида уйлар сув босиш хавфи остида қолди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Сув “Янги ҳаёт” ҚФЙ “Охунбобоев” аҳоли пункти ҳудудида дарёнинг чап қирғоғини ювиб кетган. Натижада “Охунбобоев” аҳоли яшаш пунктидаги 8 хонадоннинг ҳовлилари, “Абай” ҚФЙ “Тожик овул” маҳалласидаги 28 та хонадонга қисман сув кирган.

“Воқеа содир бўлган жойга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимияти, Ўзгидромет, Ўзавтойўл, ИИБ ходимларидан иборат тезкор штаб ташкил қилинди”, - деб хабар беришди вазирлик матбуот хизматида.

Тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида 50 нафар ходим ва 7 юк машинаси, 3 та  юк ортгич машина, 1 та автокран, 1 та булдозерлар жалб қилиниб, 35 м қирғоқ жойига темир-бетон, ҳарсанг тошлар ташланиб, Чирчиқ дарёси қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди. Натижада, Қуйичирчиқ туманидаги “Абай” ҚФЙ “Тожик овул” маҳалласи ҳудуди, “Янги ҳаёт” ҚФЙ “Охунбобоев” аҳоли яшаш пункти ҳудудларига сув тошқини хавфи бартараф этилди.

Ҳозирги вақтда юқоридаги аҳоли яшаш пункти ҳудудларида қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: