ФВВ қутқарувчилари томонидан 2389 оператив чиқишлар амалга оширилди
Тошкент. 14 октябр. ЎзТАГ – Йил бошидан бери фавқулодда вазиятлар бўйича ҳудудий бошқармаларнинг авария-қутқарув отрядлари томонидан аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш ва турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида 2389 оператив чиқишлар амалга оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар республика ФВВнинг ҳар йили 13 октябрда нишонланадиган Халқаро Табиий офатлар хавфини камайтириш кунига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида очиқланди.
Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш дастурини амалга ошириш учун тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Мактаб, коллеж ва лицейларда “Ёш қутқарувчи” кўнгилли клублари ташкил этилган. 1245 ўқув муассасаларида 11,5 минг киши иштирокида мусобақалар ўтказилди.
Йил бошидан бери 24 жамоавий-штаб ўқувлари ўтказилди. Уларнинг доирасида хизматлар бошлиқлари ва аҳоли орасидан 80,99 минг киши фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилиш ва қутқариш услубларига ўқитилди. Кейинги 5 йилда 169 ўқувлар ўтказилиб, 764,64 минг киши ўқитилди.


