Герман консорциуми “Ўзбекэнерго”нинг Самарқанд вилоятидаги қуёш электростанциясини қуришдаги маслаҳатчиси бўлади

Дата: 09:49, 17-07-2015.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – “Ўзбекэнерго” давлат акционерлик жамияти Самарқанд вилоятидаги қуёш электростанциясини қуришда маслаҳат хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома тузилганлиги ҳақида эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Компания матбуот хизмати маълумотларига кўра, халқаро тендер якунлари бўйича GOPA International Energy Consultant GmbH, Suntrace GmbH ва Renewables Academy AG (RENAC) концорциуми (Германия) билан “Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВтлик қуёш фотоэлектрик станцияси қурилиши” лойиҳаси бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатишга доир шартнома тузилди.

Эслатиб ўтамизки, Самарқанд вилоятидаги қуёш фотоэлектростанциясини қуриш ишлари 2013 йилда бошланган бўлиб, режага кўра 2017 йилда якунланади. Лойиҳага ажратилган ернинг умумий майдони 400 гектардан ошиқ. Дунёда шу каби лойиҳалар 30 атрофида ва уларнинг бари кейинги 2-3 йил ичида амалга оширилган.

Маълумот ўрнида бугунда Ўзбекистон энерготизимида ялпи қуввати 12,4 минг МВтдан ошиқ бўлган 45 электростанция ишлаб турибди. Шу жумладан, “Ўзбекэнерго” ДАКнинг 16 электростанциялари қуввати 12,04 минг МВтга тенг. Электроэнергиянинг қолган қисми Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли саноат корхоналарининг автоном иссиқлик электростанциялари ва кичик ГЭСлар томонидан ишлаб чиқарилади. Мамлакатда 56-57 млрд кВт соат электроэнергия ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: